Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ | БОЛА ТАРБИЯСИ

Фарзандлар ва смартфонлар. (1- қисм) Боламга смартфон керакми?

Фарзандлар ва смартфонлар. (1- қисм) Боламга смартфон керакми?

 Ҳозир деярли ҳар бир болада смартфон a бор ва уларнинг кўпи интернетга боғланади. Болалар ундан ҳатто ёлғиз қолганда ҳам фойдалана олади. Хўш, болангиз смартфон туфайли қандай хавфга дуч келиши мумкин? Смартфоннинг қандай фойдали томонлари бор? Болангиз смартфонга қанча вақтини сарфлаши керак?

 Нимани билишингиз керак?

 Фойдали томонлари

  •   Болаларнинг хавфсизлиги, ота-оналарнинг хотиржамлиги. Иккита фарзанди бор Бетани шундай деб бўлишди: «Биз хавф-хатарга тўла дунёда яшаяпмиз. Фарзандлар ота-оналари билан алоқада бўлиши ниҳоятда муҳим».

     Катерина исмли она эса шундай деди: «Баъзи иловалар орқали фарзандингизнинг телефонига боғланиб, у қаерда эканлигини билишингиз мумкин. Агар у машина ҳайдаётган бўлса, машинанинг тезлигини ҳам кўра оласиз».

  •   Таълим олишга ёрдам беради. Мэри исмли бир аёл қуйидагича деди: «Фарзандларим электрон почта ёки СМС орқали уй вазифасини олади ва устозлари билан алоқага чиқади».

 Хавфли томонлари

  •   Экран олдида ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш. Ёшлар одатда ҳар куни соатлаб телефонидан кўз узмайди. Ота-оналар ҳам улардан қолишмайди. Улар фарзандлари билан қанча вақт мулоқот қилса, электрон қурилмаларига ҳам шунча вақт кетказади. Бир мутахассиснинг сўзларига кўра, «баъзи оилалар бирга йиғилганида нотаниш инсонлардан иборат гуруҳга ўхшайди. Улар ўз телефонига тикилиб, бошқаларга умуман эътибор қаратмайди» b.

  •   Порнография. Бир сўровномага кўра, ўсмирларнинг ярмидан кўпи ҳар ой порнография сайтларига киради. Смартфонлар орқали буни қилиш жуда осон бўлгани учун бунинг ҳайратланарли жойи йўқ. Иккита ўсмир фарзанди бор Уильям исмли ота шундай деди: «Ота-оналар фарзандларига смартфон олиб бериб, ўзлари хоҳламаган ҳолда порнографиянинг ҳар хил турларига эшик очгандай бўлади».

  •   Қарамлик. Кўп одамлар телефонига ҳиссий боғланиб қолган. Телефонини топа олмаганида, ваҳимага берилиб, ўзини чорасиздай ҳис қилади ва ҳатто касал бўлади. Баъзи ота-оналарнинг эътибор беришича, фарзандлари электрон қурилмалардан фойдаланаётганда қўпол бўлиб қолади. Кармен исмли аёл шундай деди: «Баъзида ўғлим билан гаплашмоқчи бўлганимда, у чалғишни истамай энсасини қотиради ёки гап қайтаради».

  •   Бошқа хавфли томонлар. Смартфондан фойдаланадиганлар кибербуллинг ва секстингга дуч келиши мумкин. Улар шунингдек, бир хил ҳолатда ўтиргани ёки кам ухлагани туфайли соғлик муаммоларига дуч келиши ҳеч гап эмас. Баъзи ўсмирлар ота-онасидан ниманидир яшириш мақсадида махсус иловалардан фойдаланади. Масалан, улар калькуляторга ўхшаган илова орқали яширмоқчи бўлган нарсасини кўринмайдиган қилиб қўйиши мумкин.

     Ўсмир қизнинг отаси Дэниел шундай хулосага келди: «Смартфон интернетдаги барча — ҳам яхши, ҳам ёмон нарсаларга эшик очиб беради».

 Ўзингизга қандай савол беришингиз лозим?

  •   Фарзандимга смартфон керакми?

     Муқаддас Китобда шундай айтилган: «Заковатли... ҳар бир қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15) Буни ёдда сақлаган ҳолда ўзингиздан шундай сўранг:

     «Фарзандимга смартфон олиб бериш учун хавфсизлик каби муҳим сабабим борми? Бунинг фойдали ва зарарли томонлари ҳақида ўйлаб кўрдимми? Смартфоннинг ўрнини нима босиши мумкин?»

     Тод исмли ота шундай деди: «Смартфоннинг ўрнига тугмали телефон олиш мумкин. У орқали фарзандингиз билан қўнғироқлашиш ва хабарлашиш мумкин. Бунинг устига, анчагина пул тежаб қоласиз».

  •   Фарзандим масъулият олишга тайёрми?

     Муқаддас Китобда шундай айтилган: «Заковатлининг донолиги ўз йўлини тушунганидадир». (Ҳикматлар 14:8) Буни ёдда сақлаган ҳолда ўзингиздан шундай сўранг:

     «Фарзандим ишончимни оқлаяптими? У мен билан очиқ мулоқот қиладими? Менга доим ростини айтадими? Мисол учун, дўстлари кимлиги борасида гапирадими? Бошқа қурилмалардан, масалан, планшет ёки компьютердан фойдаланишда ё телевизор томоша қилишда, у ўзини тута биладими?» Серена исмли аёл шундай деди: «Смартфонлар фойда билан бирга зарар ҳам келтириши мумкин. Тажрибага эга бўлмаган фарзандингизга бундай катта масъулият топширишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг».

  •   Мен масъулият олишга тайёрманми?

     Муқаддас Китобда шундай айтилган: «Болани тарбиялаб, тўғри йўлга сол». (Ҳикматлар 22:6) Буни ёдда сақлаган ҳолда ўзингиздан шундай сўранг:

     «Телефонлар борасида етарлича маълумотга эгаманми? Фарзандимга у дуч келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни тушунтира оламанми? Смартфонда ота-она назорати функциясини ёқишни биламанми? Боламни смартфондан тўғри фойдаланишга ўргата оламанми?» Юқорида тилга олинган Дэниел шундай деди: «Кўп ота оналар смартфонни болаларининг қўлига тутқазиб, улар ундан қандай фойдаланаётгани билан иши ҳам бўлмайди».

 Хулоса. Болангиз смартфондан тўғри фойдаланишда ёрдамингизга муҳтож. Бир китобда шундай айтилган: «Агар ота-оналар фарзандларига йўл-йўриқ беришмаса, улар электрон қурилмаларидан фойдаланиш масъулиятини якка ўзи кўтара олмайди ҳамда васвасаларга қарши туришга қийналади». («Indistractable»)

a Бу мақолада смартфон сўзи остида интернетга боғланиш мумкин бўлган қўл телефони назарда тутилади.

b Томас Кёрстинг китобидан («Disconnected»).