Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқат қанчалик муҳим?

Ҳақиқат қанчалик муҳим?

 Нима ҳақиқат ва нима ёлғон эканини ажратиш кундан кунга қийинлашиб боряпти. Бугунги кунда инсонлар фактларга эмас, шахсий ҳис-туйғулари ва қарашларига ишонишади. Бутун дунёдаги кўп инсонлар ҳақиқат борлигига ишонишмайди.

 Бу янги нуқтаи назар эмас. Бундан тахминан 2000 йил олдин Рим ҳокими Понтий Пилат Исодан менсимаган оҳангда: «Ҳақиқат? У нима ўзи? »— деб сўраган. (Юҳанно 18:38) Гарчи Пилат унинг жавобини кутмаган бўлса-да, у берган савол муҳим эди. Муқаддас Китоб сизга бу саволга қониқарли жавоб тақдим этади. Бу эса сизга нима ҳақиқат ва нима ёлғон эканини билишга ёрдам беради. Зеро одамлар чалкашиб кетган.

Ҳақиқат чиндан ҳам мавжудми?

 Ҳа мавжуд. Муқаддас Китобда «ҳақиқат» сўзи фактга асосланган нарсани ахлоқан тўғри деган маънода қўлланилади. Бу китоб Яҳовани a мутлақ ҳақиқат Манбаи деб ўргатади ва Уни «ҳақиқат Тангриси» деб атайди. (Забур 31:5) Муқаддас Китобда Худодан келган ҳақиқат мавжуд ҳамда у ерда ҳақиқат нур билан солиштирилган бўлиб, у бизни дунёдаги барча чалкашликлардан холи йўл томон бошлаб боради. (Забур 43:3; Юҳанно 17:17)

Ҳақиқатни қандай топа оласиз?

 Худо Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни кўр-кўрона қабул қилишимизни истамайди. Аксинча, У бизни ҳис-туйғуларимизга таянишдан кўра, ақлимизни ишга солиб ҳақиқатни ўрганишга таклиф қиляпти. (Римликларга 12:1) Худо Уни таниб билишимизни ва Уни «бутун онгимиз» билан севишимизни хоҳлайди. Ҳамда У бизни Муқаддас Китобдан ўрганганларимиз ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилишга ундайди. (Матто 22:37, 38; Ҳаворийлар 17:11)

Ёлғон қандай пайдо бўлган?

 Муқаддас Китобда Худонинг душмани бўлмиш Шайтон Иблис илк ёлғонни ишлатгани ҳақида айтилган. Шунингдек, у «ёлғоннинг отаси» деб аталган. (Юҳанно 8:44) У Одамато билан Момоҳавога Худо ҳақида ёлғон гапирган. (Ибтидо 3:1–6, 13, 17–19; 5:5) Ўшандан бери Шайтон ёлғонни тарқатиб келяпти ва Худо ҳақидаги ҳақиқатни яширяпти. (Ваҳий 12:9)

Нима учун бугунги кунда ёлғон жуда кенг тарқалган?

 Бизнинг кунлар Муқаддас Китобда «охирзамон» деб аталган. Шайтон кўп одамларга таъсир қилишга муваффақ бўлиб, уларни ҳар қачонгидан кўпроқ тўғри йўлдан оздирмоқда. Одамлар бошқалардан фойда кўриш ниятида уларни алдашаётгани оддий ҳолга айланган. (2 Тимўтийга 3:1, 13) Аксарият динларда ёлғон кенг тарқалган. Бизнинг кунлар ҳақида Муқаддас Китобда одамлар «қулоқларига ёқадиган нарсаларни сўзлайдиган устозларни» йиғиши ҳамда «улар ҳақиқатни» тингламасликни танлаши тўғрисида башорат қилинган. (2 Тимўтийга 4:3, 4)

Нега ҳақиқат муҳим?

 Одамлар бир-бирига ишониши учун ҳақиқатга муҳтож. Ишончсиз дўстлик ва ижтимоий муносабатлар дарс кетади. Муқаддас Китобда айтилишича, Худо Унга бўлган топинишимиз ҳақиқатга асосланишини истайди. Бу китобда: «Унга [Худога] топинаётганлар руҳ ва ҳақиқат билан топинишлари керак»,— деб айтилган. (Юҳанно 4:24) «Худога яқинлаштирадиган ҳақиқат» номли мақолалар туркумини ўқинг ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқат сизни сохта диний таълимотларни ажратишга ва улардан озод қилишга қандай ёрдам бериши борасида билиб олинг.

Нега Худо ҳақиқатни билишингизни истайди?

 Худо сиз нажот топишингизни хоҳлайди. Бунинг учун сиз У ҳақидаги ҳақиқатни ўрганишингиз керак. (1 Тимўтийга 2:4) Агар Худонинг нима тўғри ва нима нотўғри экани борасидаги меъёрларини ўргансангиз ҳамда улар бўйича яшасангиз, Худо билан яқин дўстона муносабатларга эриша оласиз. (Забур 15:1, 2) Инсонларга ҳақиқатни билишга кўмаклашиш учун Худо Исони ер юзига юборган. Худо Исонинг таълимотларига қулоқ солишимизни истайди. (Матто 17:5; Юҳанно 18:37)

Худо ёлғонни қачондир йўқ қиладими?

 Ҳа. Худо бошқалардан фойда кўриш мақсадида ёлғон гапирадиганлардан нафратланади. У ер юзини ёлғон гапириш одатини ташламаган инсонлардан тозалайди. (Забур 5:6) Худо буни қилганида шунингдек, «Ростгўйнинг сўзи мангу туради» деган ваъдасини ҳам амалга оширади. (Ҳикматлар 12:19)

a Яҳова Худонинг исмидир. (Забур 83:18) «Яҳова ким» номли мақолага қаранг