Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Яҳова шафқатли ва кечиримли эканини билиб олдим

Яҳова шафқатли ва кечиримли эканини билиб олдим
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1954

  • МАМЛАКАТИ: КАНАДА

  • ЎТМИШДА: ФИРИБГАР, ҚИМОРБОЗ

ОЛДИНЛАРИ.

Мен Монреаль шаҳрининг камбағал ҳудудида ўсиб-улғайганман. Олти ойлигимда дадам вафот этгандилар ва барча оилавий масъулиятлар ойимнинг зиммасига қолиб кетганди. Мен саккиз фарзандли оиланинг энг кичиги эдим.

Болалигимданоқ ҳаётим гиёҳванд моддалар, қимор ўйинлари, зўравонлик ва жиноят билан тўлиб-тошган эди. Ўн ёшимда фоҳишалару судхўрларнинг югурдагига айланиб, уларнинг ишларини бажариб юрардим. Кўпинча ёлғон гапирардим. Фирибгарлик қилиб одамлардан фойдаланишдан завқ топардим. Бу менга гўё нашадек таъсир қиларди.

14 ёшга тўлганимда одамларни аврашда устаси фаранг бўлиб кетдим. Масалан, одамлардан олтин югуртирилган соатлар, билакузуклар ва узукларни ҳарид қилардим. Кейин эса уларнинг устига 14 каратли олтин деб муҳр қўярдим ва кўча-кўйда ҳамда савдо марказларининг автотураргоҳларида сотардим. Осон пул топишдан ақлу ҳушимни йўқотгандим. Бир сафар ҳатто бир кун ичида 10 000 доллар топгандим.

15 ёшимда ахлоқ тузатиш мактабидан ҳайдалдим ва қаерда яшашни билмасдим. Кўчаларда, паркларда ва таниш-билишларимнинг уйларида тунаб қолардим.

Товламачилигим полиция ходимларининг эътиборидан четда қолмади. Ўғирланган нарсалар билан савдо қилмаганим учун ҳеч қачон қамоқда ўтирмаганман. Аммо фирибгарлик қилганим, қалбаки нарсаларни сотганим ва лицензиясиз савдо қилганим учун катта жарималар тўлашимга тўғри келган. Ҳеч кимдан қўрқмаганим туфайли ҳатто судхўрлар учун пул ундириб келардим. Бу хавфли эди, чунки баъзида ўзим билан тўппонча олиб юрардим. Баъзида жиноятчи тўдалар билан ҳамкорлик қилардим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.

Муқаддас Китоб билан илк бор 17 ёшлигимда танишганман. Мен Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаган бир қизникида яшардим. Лекин Муқаддас Китобдаги ахлоқий чекловларга қўшилмаганим учун уни ташлаб кетдим ва мен билан учрашиб юрган бошқа қизникида яшайдиган бўлдим.

Лекин учрашиб юрган иккинчи қизим ҳам Шоҳидлар билан тадқиқ ўта бошлаганида ўйланиб қолдим! У ҳаётига ўзгаришлар киритиб, мулойим ва сабрли қизга айлангани мени қойил қолдирганди. Шунга Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш залига бориш таклифини қабул қилдим. У ерда мени инсофли ва хушмуомала инсонлар кутиб олишди. Бу атрофимдаги дунёдан кескин фарқ қиларди. Болалигимда ўзимни арзимас деб ҳисоблардим. Оила аъзоларимнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳис қилмасдим. Яҳова Шоҳидларининг орасида эса мен ёшлигимданоқ орзу қилган ўша меҳрни дарҳол ҳис қилдим. Шоҳидлар Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилишганида, мен бажонидил рози бўлдим.

Муқаддас Китобдан ўрганаётганларим ҳаётимни қутқариб қолганди. Қимор ўйинларини ўйнаб, қарзга ботиб кетгандим. Қарзим 50 000 дан зиёд долларни ташкил этарди. Бу қарзлардан қутулиш учун икки нафар шеригим билан ўмаришни режалаштираётгандик. Лекин вақтида фикримни ўзгартирганимдан жуда хурсандман. Собиқ шерикларим эса фикрларидан қайтмай, ўмаришга қўл уришди. Улардан биттаси ҳибсга олинганди, иккинчиси эса ўлдирилганди.

Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, кўплаб ўзгаришлар қилишим кераклигини тушундим. Масалан, 1 Коринфликларга 6:10 да нима дейилганини билиб олдим. У ерда шундай ёзилган: «На ўғрилар, на тамагирлар, на ичкиликбозлар, на ҳақорат қилувчилар, на талончилар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмайдилар». Бу оятни ўқигач, аҳволим қанчалик аянчли эканини англаб, ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошладим. Ҳаётимни тўлиқ ўзгартиришим кераклигини тушуниб етдим. (Римликларга 12:2) Мен зўравон ва шафқатсиз эдим. Бутун ҳаётим ёлғон устига қурилганди.

Бироқ Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, Яҳова меҳр-шафқатли ва кечиримли эканини билиб олдим. (Ишаё 1:18) Яҳовага ёлвориб ибодат қилиб, эски ҳаёт тарзимни ташлашга ёрдам беришини сўрардим. Унинг ёрдами билан шахсиятимни аста-секин ўзгартира олдим. Учрашиб юрган қизим билан муносабатларимизни қонунийлаштириш мен учун муҳим қадам бўлди.

Муқаддас Китоб принциплари бўйича яшаётганим учун ҳозир тирикман

24 ёшда эдим ва зиммамда хотиним ҳамда уч нафар фарзандимга ғамхўрлик қилиш вазифаси ётарди. Ўшанда ўзимга бирон-бир қонуний иш топишим керак эди. Аммо кам саводли эдим ва тавсияномаларим ҳам йўқ эди. Яҳовага яна ёлвориб ибодат қилдим. Кейин иш қидиришга тушдим. Иш берувчиларга ҳаётимни ўзгартирмоқчи эканимни ва ҳалол ишлашни исташимни айтардим. Баъзида ҳатто Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганимни ва яхши фуқаро бўлишни хоҳлашимни айтардим. Лекин кўпчилик мени ишга олишдан бош тортарди. Охир-оқибат, бир иш берувчига ўтмишим ҳақида очиқчасига айтиб бердим ва у шундай деди: «Билмайман нега, лекин бир нима менга уни ишга олишинг керак деяпти». Бу ибодатларимга жавоб эканига амин эдим. Вақт ўтиб, хотиним икковимиз Яҳованинг Шоҳидлари сифатида сувга чўмдик.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

Бугун Муқаддас Китоб меъёрларини қўллаб, масиҳийлик йўлига қадам босганим учун тирикман. Ажойиб оилам бор. Яҳова мени кечирди ва тоза виждонга эга бўлдим.

Мана 14 йилдирки, тўла вақтли хизматда иштирок этиб, одамларга Муқаддас Китоб таълимотларини ўргатяпман. Яқинда хотиним ҳам мен каби тўла вақтли хизмат қила бошлади. Сўнгги 30 йилдан ошиқ вақт давомида 22 нафар ҳамкоримга Яҳованинг Шоҳиди бўлишга кўмаклашганимдан жуда хурсандман. Ҳозир ҳам савдо марказларига бориб турибман. Лекин одамларни алдаш учун эмас. У ерга борганимда бошқалар билан хушхабарни баҳам кўраман. Уларга бирон-бир яхшилик қилгим келади. Бу инсонларга янги дунёда фирибгарлардан холи гўзал ҳаёт бўлиши ҳақида айтаман. (Забур 37:10, 11)