Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади

Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
  • ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1957

  • МАМЛАКАТИ: МЕКСИКА

  • ЎТМИШДА: СЕМИНАРИЯ ТАЛАБАСИ; ФЕЪЛИ ҚОНИ ҚАЙНОҚ

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ.

Мен Тескоко номли шаҳарчада таваллуд топганман. Ўшанда кўп кўчаларда асфальт қўйилмагани боис, ҳаммаёқ чанг босиб ётарди. Қўшни қишлоқлардан шаҳарга сотиш учун олиб келинган нарсаларни эшакларга юклаб келаётган одамларни кўриш одатий ҳол эди. Оиламиз жуда камбағал бўлиб, тўққизта фарзанд эдик. Улардан мен еттинчиси эдим. Отам рўзғорни тебратиш учун гуарачиларни (Мексикада қишлоқ аҳолиси киядиган чармли шиппак) тузатарди. Аммо етти ёшлигимда у ҳаётдан кўз юмди. Бундан кейин ойимиз оилани боқиш учун оғир меҳнат қиларди.

Бобом скрипка чаларди ҳамда махсус классик диний мусиқаларни чаладиган оркестр дирижёри эди. Деярли барча оила аъзоларимиз мусиқа асбобларини чаларди. Ойим черковдаги хорда иштирок этарди, тоғам эса опера қўшиқчиси ва пианиночи эди. Биз ҳаммамиз католик бўлганмиз. Мен черков ишларида қатнашардим ва католик миссионери бўлишни орзу қилардим. Ўша пайтда мен карате фильмларига қизиқардим. Ушбу фильмларни кўп томоша қилганим сайин, феъл-атворим ёмонлашиб борарди.

Мен Пуэблодаги диний мактабга, семинарияга кирдим. Мақсадим католик руҳоний бўлиш эди. Лекин ўқишимнинг охирги йиллари давомида католик черковидан кўнглим совий бошлади. Сабаби, бир ёш роҳиба мени жинсий аҳлоқсизлик қилишга ундади. Мен васвасага қарши тура олдим, лекин бу вазият менда турмуш қуриш истагини уйғотди. Қолаверса, баъзи руҳонийлар мунофиқ иш тутишаётганини кўрардим. Охири, руҳоний бўлиш мақсадимдан қайтдим.

Черков ишларида қатнашган пайтда, мен католик миссионери бўлишни орзу қилардим, аммо карате фильмларига ҳам қизиққаним боис, феъл-атворим ёмонлашиб борарди

Мехико шаҳрининг Давлат консерваториясида мусиқани ўрганишга қарор қилдим. Ўқишни битирганимдан кейин уйландим ва биз тўртта фарзанд кўрдик. Оилани боқиш учун мен католик черковида месса (махсус диний маросим) пайтида куйлардим.

Бошиданоқ турмушимиз яхши бўлмади. Бир-биримизни рашк қилаверганимиз сабаб орамизга совуқчилик тушди. Аввал оғзаки, кейин эса муштлашиб уришардик. Натижада, 13 йил бирга умр кечириб, кейин алоҳида яшашга ва охири ажрашишга қарор қилдик.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.

Хотиним билан алоҳида яшашимдан олдин Яҳованинг Шоҳидлари билан илк бор танишган эдим. Ўшанда улардан иккитаси эшигимизни тақиллатиб, Муқаддас Китобни бирга ўрганишни таклиф қилишди. Дин ҳақида кўп нарсани биламан деб ўйлаган эдим, шунинг учун, уларни нотўғрилигини исботлашга тушдим. Мен, жавоби йўқ деб ҳисоблаган қийин саволларни берардим. Лекин улар ўша саволларимга Муқаддас Китобга асосланиб жавоб беришгани мени қойил қолдирди. Шунда мен қанчалик кам билимга эга эканимни тушуна бошладим. Бироқ хотиним Шоҳидларга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлгани ва мен роса банд бўлганим учун улар келмай қўйишди.

Беш йилдан кейин, яна бир бор Яҳованинг Шоҳидлари билан мулоқот қилишни бошлаганимда, Эльвира исмли бошқа бир аёл билан яшаётган эдим. Эльвира Яҳованинг Шоҳидларига нисбатан яхши муносабатда бўлгани учун, Муқаддас Китобни мунтазам ўрганиш осонроқ кечди. Шундай бўлса ҳам, яшаш тарзимни ўзгартиришга бир неча йил кетди.

Яҳовага астойдил топинишни истаётган эканман, ҳаётимга катта ўзгаришлар киритишим кераклигини тушунардим. Аввалига католик черковида месса давомида куйлашни бас қилишим ва энди рўзғорни тебратишнинг бошқа йўлини топишим керак эди (Ваҳий 18:4). Шунингдек, Эльвира билан никоҳимни ҳам расмийлаштиришим шарт эди.

Киритишим керак бўлган ўзгаришлардан бири, ҳис-туйғуларимни назорат қилишни ўрганиш эди. Бунда менга айниқса Муқаддас Китобдаги иккита оят ёрдам берди: Яҳова зулмдан нафратланишини кўрсатувчи Забур 10:5- оят ҳамда Яҳова ибодатларимни эшитишини истасам, хотинимга нисбатан олган билимларимга яраша муомала қилишим кераклигини ўргатувчи 1 Бутрус 3:7- оят. Ушбу оятлар устидан мулоҳаза юритганим ва Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилганим сайин, ўзимни аста-секин назорат қила бошладим.

Яҳова ибодатларимни эшитишини истасам, хотинимга нисбатан Муқаддас Китобдан олган билимларимга яраша муомала қилишим кераклигини ўргандим

ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ.

Энди эса оилавий ҳаётда бахтли эканимдан қувоняпман. Биринчи турмушимдан қолган ўғилларим билан муносабатларимни қайта тиклашга уриняпман ва ҳозирги оиламга имонда қаттиқ туришга ёрдам беряпман.

Болалигимда руҳоний бўлишни ва одамларга ёрдам беришни орзу қилардим. Энди ҳаётим чиндан ҳам маъноли бўлганини сезяпман. Оиламни боқиш учун мусиқадан дарс беряпман. Ўз вақтида Яҳова менга нисбатан сабрли бўлиб, ўзгаришимга ва яхши инсон бўлишимга имконият берганидан бағоят хурсандман!