Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Ерихо шаҳри қисқа вақт ичида босиб олинганининг қандай далили мавжуд?

Ёшуа 6:9–14, 19 га биноан, Исроил қўшини Ерихо атрофини олти кун давомида бир мартадан айланиб чиққан. Еттинчи куни эса, улар шаҳар атрофини етти маротаба айланишган ва Аллоҳ шаҳар деворларини қулатган. Натижада, исроилликлар Ерихога бостириб кириб, уни забт этишган. Хўш, Муқаддас Китобда айтилганидай, Ерихо қисқа вақт ичида босиб олинганини археологлар ҳам тасдиқлашяптими?

Қадим замонларда, ҳужум қилувчилар забт этмоқчи бўлган шаҳарни қамал қилишлари табиий эди. Ушбу қуршов қанча вақт давом этишидан қатъи назар, ғалаба қозонган тараф шаҳардаги барча бойликни, жумладан омборлардаги ҳамма озиқ-овқатни олиб кетарди. Лекин Ерихо шаҳрининг харобалари ичида археологлар кўпгина миқдорда озиқ-овқат захираларини топиб олишди. Бу борада битта журналда шундай ёзилган: «Харобалар орасида қазиб олинган анчагина ашёлар ичида сопол идишлардан ташқари, дон ҳам топилган. [...] Фаластин археологиясининг тарихида бунақаси ҳали бўлмаган. Эҳтимол, бир ёки иккита идиш топилиши мумкин эди, бироқ ғоят даражада кўпгина доннинг чиққани ажабланарли» («Biblical Archaeology Review»).

Муқаддас Ёзувларга кўра, исроилликларда Ериходан дон олиб чиқмасликлари учун асосли сабаб бўлган. Тангри Яҳова уларга бундай қилишни буюрган (Ёшуа 6:16, 17). Доннинг ўрим-йиғими тугагач, захира мўл-кўл бўлган баҳор фаслида исроилликлар шаҳарга ҳужум қилишган (Ёшуа 3:15–17; 5:10). Демак, шу қадар кўп дон топилгани, исроилликлар Ерихони айнан Муқаддас Китобда ёзилганидай қисқа вақт ичида босиб олишганининг далилидир.