Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Пайғамбарлардан Аллоҳ Таоло тўғрисида нимани ўрганишимиз мумкин?

Пайғамбарлардан Аллоҳ Таоло тўғрисида нимани ўрганишимиз мумкин?

Ўтмишда Аллоҳ Ўз пайғамбарлари орқали инсонларга муҳим хабарларни етказган. Ушбу хабарлардан Худонинг баракасига қай йўсин эришишимиз мумкинлигини билиб олсак бўладими? Албатта! Келинг, учта садоқатли пайғамбардан нимани ўргана олишимизни кўриб чиқайлик.

ИБРОҲИМ ПАЙҒАМБАР

Худо юзхотирчилик қилмайди ва барча одамларга барака беришни истайди.

Тангри Иброҳим пайғамбарга: «Сен орқали ер юзидаги барча халқлар барака топади»,— деб ваъда берган эди. (Ибтидо 12:3)

Бундан нимани ўрганяпмиз? Худованд бизни жуда яхши кўради ва Унга итоат этган барча халқларга барака беришни истайди.

МУСО ПАЙҒАМБАР

Аллоҳ шафқатлидир ва Уни таниб-билишга интилаётганларга барака беради.

Қодир Тангри Мусо пайғамбарга буюк мўъжизалар кўрсатиш қудратини ато этган. Шундай бўлса ҳам, Мусо Аллоҳга: «Сени таниб-билишим учун ва бундан буён ҳам назарингда илтифот топишим учун, менга Ўз йўлларингни очиб бер»,— деб ибодат қилган. (Чиқиш 33:13) Худо унинг илтимосидан мамнун бўлган ва Мусога Ўзининг йўлларию фазилатларини билиб олишга ҳамда тушунишга ёрдам берган. Масалан, Мусо Яратувчининг «шафқатли ва раҳмдил... Худо» эканини билиб олган. (Чиқиш 34:6, 7)

Бундан нимани ўрганяпмиз? Агар биз Аллоҳ Таолони яхшироқ таниб-билиш учун жон куйдирсак, У ҳеч биримиздан Ўз баракасини дариғ тутмайди. Тангри Муқаддас Каломи орқали Унга қандай топинишимиз кераклигини ва бизга марҳаматию баракасини ёғдиришга тайёр эканини кўрсатяпти.

ИСО ПАЙҒАМБАР

Ҳазрати Исо раҳмдиллик ила турли касалликка чалинганларни даволаган

Исо алайҳиссалом, унинг ишлари ва таълимотлари ҳақида ўргансак, Худонинг абадий баракаларидан баҳраманд бўла оламиз.

Аллоҳнинг Каломида Исо пайғамбарнинг ҳаётию таълимотларига доир кўплаб тафсилотлар ёзилган. Худованд Ҳазрати Исога улуғ мўъжизалар яратиш, жумладан, кўр, кар ва чўлоқларни даволаш қудратини ато этган. Исо алайҳиссалом ҳатто ўлганларни ҳаётга қайтарган. Мўъжизалар яратиш орқали у келажакда Худо инсониятга қандай баракалар ёғдирмоқчи эканини кўрсатган. Чиндан ҳам, Тангри барча инсонларга мукаммал соғлиқ беради ва ўлганларни ер юзидаги жаннатда яшашлари учун тирилтиради. Исо пайғамбар бу баракаларга қандай эришишимиз мумкинлигини шундай тушунтирган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3)

Исо алайҳиссалом ҳамдард, раҳмдил ва меҳрибон бўлган. Шунга эркагу аёллар, ёшу қарилар унинг «Мендан ўрганинглар, чунки мен мулойим ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз роҳат топади» деган таклифини қабул қилиб, олдига оқиб келишган. (Матто 11:29) Қолаверса, Ҳазрати Исо замондошларидан фарқли равишда, аёлларга меҳр билан муомала қилиб, уларнинг қадр-қимматини эъзозлаган.

Бундан нимани ўрганяпмиз? Исо пайғамбар одамларга кучли севгини намоён этган ва бир-биримизга қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги борасида ажойиб ўрнак кўрсатган.

ИСО ХУДО ЭМАС

Муқаддас Китобдан бутун оламни яратган Худо ягона эканини ва Исо алайҳиссалом Унинг камтарин элчиси бўлганини билиб оляпмиз. (1 Коринфликларга 8:6) Исо пайғамбар Худо ундан устун эканини ҳамда уни Худонинг Ўзи ер юзига юборганини таъкидлаган. (Юҳанно 11:41, 42; 14:28) *

^ абз. 17 Исо пайғамбар ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, www.pr418.com сайтида жойлашган «Ҳақиқий имон бахт келтиради» номли рисоланинг 8- ва 9- қисмларига қаранг.