Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худонинг ғамхўрлиги келтирадиган баракалар

Худонинг ғамхўрлиги келтирадиган баракалар

Худо танамизни қайта тикланиш каби ажойиб хусусият билан яратган. Соғлом тана кесилса, шилинса ёки тешилса «каттаю кичик яралар битиб кетиши учун унда бир қатор мураккаб жараёнлар ишга тушади». («Johns Hopkins Medicine») Қон кетиши тўхташи, қон томирлари кенгайиши, жароҳат битиши ва тўқималар мустаҳкамланиши учун танамиз дарҳол ишга киришади.

ЎЙЛАБ КЎРИНГ: Агар Яратувчимиз бизни танамиздаги яралар битадиган қилиб яратган бўлса, наҳотки Унинг ҳиссий жароҳатларимизни даволаш ҳақидаги ваъдасига ишонмасак? Сано бастакори: «Дили вайронларга У шифо беради, яраларини боғлаб қўяди»,—деб ёзган. (Забур 147:3) Бироқ қандайдир ҳиссий жароҳат ёки тушкунлик туфайли азобланаётган бўлсангиз, Яҳова ҳозир ва келажакда сизнинг яраларингизни боғлашига қай йўсин амин бўла оласиз?

МУҚАДДАС КИТОБДА ХУДОНИНГ СЕВГИСИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Худо шундай деб ваъда беряпти: «Ҳеч қўрқма, Мен сен биланман. Даҳшатга тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч ато этаман, ёрдам бераман». (Ишаё 41:10) Яҳова унга ғамхўрлик қилаётганини билган инсон ўзини хотиржам ҳис қилади ва турли қийинчиликларни енгиш учун кучга эга бўлади. Аллоҳнинг хизматчиси Павлус бундай ички хотиржамликни «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги» деб атаган. У: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деган. (Филиппиликларга 4:4–7, 9, 13)

Муқаддас Китобдаги оятлар имонга эга бўлишимизга ёрдам беради. Бу эса Яҳова инсониятнинг келажаги борасида берган ваъдаларга ишонишимизга кўмаклашади. Масалан, Ваҳий 21:4, 5 да (кейинги саҳифада келтирилган) Худо нима қилиши ва нега биз У айнан шундай йўл тутишига ишонишимиз мумкинлиги ҳақида ёзилган.

  • «Худо [одамларнинг] кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади». Ҳатто азобларимиз ва ташвишларимиз бошқаларга арзимасдай туюлса ҳам, Яҳова бизни уларнинг барчасидан халос этади.

  • Самодаги улуғвор «тахтда ўтирган» бутун мавжудотнинг Қодир Подшоҳи Ўз қудрати ва ҳокимиятини бизни қайғулардан асраш ҳамда бизга керакли ёрдамни тақдим этиш учун қўллайди.

  • Яҳова ваъдалари «ишончли ва ҳаққоний» эканига кафолат бермоқда. Яъни Унинг ҳақ Худо сифатидаги обрўйи ваъдалари амалга ошишининг гаровидир.

«Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди. Тахтда ўтирган Зот шундай деди: “Мана, Мен ҳамма нарсани янги қилиб яратяпман”. Шунингдек: “Ёзиб қўй, чунки бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир”,— деб қўшиб қўйди». (Ваҳий 21:4, 5)

Бутун борлиқ ва Муқаддас Китоб Аллоҳнинг шахсиятини очиб бермоқда. Яратилган нарсалар Худони яқин Дўстимиз сифатида таниб-билишга сўзсиз ундамоқда, Муқаддас Китоб эса очиқчасига: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деб айтмоқда. (Ёқуб 4:8) Шунингдек, у ерда: «У ҳар биримизга яқиндир»,— дейилган. (Ҳаворийлар 17:27)

Худони таниб-билишга вақт ажратганингиз сайин, «У сизга ғамхўрлик» қилаётганига ишончингиз ортади. (1 Бутрус 5:7) Яҳовага бўлган бундай ишонч қандай баракалар келтиради?

Келинг, япониялик Торунинг мисолини кўриб чиқамиз. Уни художўй онаси тарбиялаганига қарамай, Тору ниҳоятда шафқатсиз якудза номли япон мафиясига қўшилиб қолган. У шундай деб бўлишди: «Худо мендан нафратланади деб ўйлардим ва атрофимдагилардан кимдир, айниқса, менга қадрли инсонлар оламдан ўтса, буни ўзимга берилган жазо деб ҳисоблардим». Торунинг айтишича, бундай зарарли муҳит ва руҳият уни «шафқатсиз ҳамда ёвуз инсонга» айлантирган. У қанчалик шуҳратпараст бўлганини эслаб: «Ўзимдан машҳурроқ бирортасини ўлдиргач, ўзим ҳам ёшлигимча ўлишни ва бу туфайли ном қозонишни истардим»,— деди.

Аммо Тору ва рафиқаси Ханна Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлашгач, Тору ҳаёти ва фикрлаш тарзига кескин ўзгаришлар киритди. «Эрим кўз ўнгимда ўзгара бошлади»,— дейди Ханна. Тору аминлик ила қуйидагиларни айтди: «Аллоҳ чиндан ҳам ҳар биримизга ғамхўрлик қилади. У ҳеч кимнинг ўлишини истамайди ва гуноҳларини тан олиб, чинакамига тавба қилган кишиларни кечиришга тайёр. Биз ҳеч кимга айта олмайдиган ва ҳеч ким тушуна олмайдиган масалаларни Унга айта оламиз ва У бизни тинглайди. Яқин келажакда эса Яҳова барча муаммолару азоб-уқубатларни бартараф этади. У ҳозир ҳам бизга кутилмаган йўллар билан ёрдам бериб келяпти. Камситилган пайтимизда ҳам У бизни яхши кўради ва ёрдамини аямайди». (Забур 136:23)

Торунинг мисолидан кўриниб турганидек, Худо барча мусибатларни бартараф этиб, кўз ёшларимизни артиб олишга қодир эканини ва буни яқинда амалга оширишини билиш нафақат келажакка умид беради, балки ҳозир ҳам яхшироқ ҳаёт кечиришимизга кўмаклашади. Ҳа, бу дунё азоб-уқубатларга тўлиб тошган бўлса-да, сиз Худонинг севгисию ғамхўрлиги келтирадиган баракалардан баҳраманд бўла оласиз.