Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Бобил харобаларида топилган ғиштлар ва уларни тайёрлаш услуби Муқаддас Китоб аниқ эканини қандай кўрсатяпти?

АРХЕОЛОГЛАР қадимги Бобилда шаҳарнинг қурилиши учун ишлатилган кўпгина ғиштларни топишган. Роберт Колдевининг айтишича, бундай ғиштлар «шаҳар ташқарисида жойлашган печларда тайёрланган. У ерда лой яхши бўлган ва [...] ёқилғи сифатида ишлатиладиган ўтинлар жуда кўп бўлган».

Археологларнинг топилмалари Бобил бошлиқлари шафқатсиз ишларни амалга ошириш учун ҳам печлардан фойдаланишганини исботлаяпти. Торонто университетидаги қадимги Оссурия тарихи ва тили бўйича профессор Пол-Ален Больё шундай деди: «Бобил қўлёзмаларига кўра, шоҳ унга бўйсунмаган ёки Бобил худоларига ҳурмат кўрсатмаган одамларни печга ташлаб, ёндиришни буюрган». Шоҳ Навуходоносор даврига оид бир қўлёзмада шундай ёзилган: «Улар йўқ қилинсин, ёндирилсин, куйдирилсин, [...] печдан тутуни чиқиб турсин, кучли олов билан уларнинг ажали етсин».

Бу сўзлар Дониёр 3-бобдаги воқеани эсимизга соляпти. Ушбу тарихий воқеага биноан, шоҳ Навуходоносор Бобил шаҳрининг ташқарисидаги Дурах текислигида баҳайбат олтин ҳайкални ясашни буюрганди. Учта иброний йигит — Шадрах, Мешах ва Абеднаху ҳайкалга сажда қилишдан бош тортишганида, Навуходоносорнинг жаҳли чиқиб, «печни одатдагидан етти баробар қаттиқроқ қиздиришни» ва уларни «ёниб турган печга ташлашни буюрди». Аммо қудратли фаришта уларни ўлимдан қутқариб қолди. (Дон. 3:1–6, 19–28)

© The Trustees of the British Museum. Licensed under CC BY-NC-SA 4.0. Source

Навуходоносорнинг исми ўйилган бир ғишт

Бобилда топилган ғиштлар Муқаддас Китоб аниқ эканини кўрсатяпти. Аксарият ғиштларнинг устида шоҳларни улуғлайдиган ёзувлар бор эди. Масалан, уларнинг бирида шундай ёзилган эди: «Навуходоносор, Бобил шоҳи. [...] Бу мен, улуғ Навуходоносор қурган сарой. [...] Менинг авлодларим бу ерда абадий ҳукм суради». Бу сўзлар Дониёр 4:30 да ёзилганларга жуда ўхшаб кетади. У ерда Навуходоносор қуйидагича мақтанган: «Бобил нақадар буюк! Уни ўз куч-қудратим билан шоҳона сарой учун маскан бўлсин, улуғворлигиму маҳобатимни намоён этсин дея барпо этдим!»