Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қадимги ўрама битик «очилди»

Қадимги ўрама битик «очилди»

1970 йили Эйн-Гедида топилган ёнган ўрама битик парчасини ўқиш имкони бўлмаган эди. Яқинда 3D технологияси ёрдамида мазкур битикда Левилар китобидан парча борлиги ва Худонинг шахсий исми келтирилгани ошкор бўлди

1970 ЙИЛИ археологлар Ўлик денгизнинг ғарбий соҳили яқинида, Исроилнинг Эйн-Геди шаҳрида ёнган ўрама битикни қазиб олишди. Эҳтимол, милодий олтинчи асрга тегишли бўлган қишлоқ вайронага айланганда ёндириб юборилган синагогани қазиб олишаётганда улар мазкур ўрама битикка дуч келишди. Ўрама битикнинг ҳолати жуда ёмон бўлгани туфайли у ерда нима ёзилганини ўқишнинг иложи йўқ эди; уни очса, ўрама битикка зарар етиши мумкин эди. Аммо 3D (уч ўлчамли графика) технологияси ёрдамида ўрама битик «очилди». Рақамли тасвирлаш дастурининг кўмаги билан эса, энди унинг матнини ўқиш мумкин.

Қизиқ, ўрама битикда нима ёзилган экан? Мазкур битикда Муқаддас Китобдан матн келтирилган. Ўрама битикнинг парчаларида Левилар китобининг бошида келтирилган бир нечта оят ёзилган. Бу оятларда Худонинг шахсий исми тетраграмматон шаклида учрайди. Топилма милодий биринчи асрнинг ярмидан бошлаб милодий тўртинчи асргача бўлган даврга тегишли бўлиши мумкин. У Қумрон қўлёзмалридан кейинги кашф қилинган Ибронийча ёзувларнинг энг қадимги ўрама битигидир. Гиль Зохарнинг ёзишича, «Эйн-Гедида топилган Левилар китобининг парчасини ўқий олмагунимизча, иккинчи маъбад даврининг сўнгги йилларига тегишли Ўлик денгизнинг 2 000 йиллик ўрама битиклари ва милодий 10 асрда ёзилган ўрта асрга тегишли Алеппо кодекси орасида минг йилча вақт ўтган деб ҳисобланарди». («The Jerusalem Post») Тадқиқотчиларнинг айтишича, рақамли тасвирлаш дастурининг кўмаги билан очилган мазкур ўрама битикдан шуни кўриш мумкинки, Масорет қўлёзмаларида келтирилган Таврот матни «минглаб йиллар давомида ҳам ўзгартирилмаган ва уни кўчирганларнинг хатолари матнни ўзгартирмаган».