Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Масиҳнинг аскари бўлишга қарор қилдим

Масиҳнинг аскари бўлишга қарор қилдим

Атрофимда ўқлар ғиз-ғиз учаётганда, оқ дастрўмолимни секингина тепага кўтардим. Ўқ узаётган аскарлар беркиниб олган жойимдан чиқишимни истаб, менга бақиришарди. Шунда, тирик қолишим ё ўлишимни билмай, эҳтиёткорлик билан уларнинг олдига бордим. Қандай қилиб бундай қийин вазиятга тушиб қолганимни билмоқчимисиз?

МЕН Грециянинг Карица номли кичик қишлоғида, саккиз фарзандли меҳнаткаш оилада еттинчи фарзанд бўлиб дунёга келдим. Бу 1926 йил эди.

Бундан бир йил аввал ота-онам ғайратли ва гапга чечан Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларидан (кейинчалик Яҳованинг Шоҳидлари деб номланишди) бири Жон Пэпаризэс билан танишишганди. Жоннинг Ёзувлар асосида пухта мулоҳаза юритишидан ҳайратда қолган ота-онам қишлоғимиздаги Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг йиғилишларига қатнай бошлашди. Ойим Яҳовага қаттиқ ишонарди ва, ҳатто ёзиш-ўқишни унчалик яхши билмаса-да, ҳар бир фурсатдан фойдаланиб, хушхабарни бошқалар билан бўлишарди. Афсуски, дадам диққатини одамларнинг камчиликларига қаратарди, вақт ўтиб эса йиғилишларга бормай қўйди.

Опа-акаларим, синглим ва мен Муқаддас Китобни ҳурмат қилардик, аммо ёшлигимиз ҳою-ҳаваслардан ҳоли ўтмаганди. 1939 йили Иккинчи жаҳон уруши Европани ўз домига тортган пайтда, қишлоғимизда юз берган воқеа бизни ларзага солди. Қўшнимиз бўлган ва яқинда сувга чўмган амакиваччам Николас Сэрасни Греция армиясига чақиришди. Ўшанда 20 яшар Николас ҳарбий ходимларга жасорат ила шундай деди: «Жанг қилолмайман, чунки мен Масиҳнинг аскариман». У ҳарбий суд томонидан тергов қилиниб, ўн йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Бундан биз эсанкираб қолгандик.

Хайриятки, 1941 йилнинг бошида иттифоқчи армия Грецияга кириб келди ва Николас қамоқдан озод этилди. У Карицага қайтиб келганида, акам Илиас уни Муқаддас Китоб борасида саволлар билан кўмиб ташлади. Ўшанда мен уларни қизиқиб тинглагандим. Сўнгра Илиас, синглимиз Эфморфия ва мен Муқаддас Китоб тадқиқини бошладик ва Шоҳидлар билан йиғилишларга мунтазам қатнайдиган бўлдик. Кейинги йили учаламиз ҳаётимизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмдик. Вақт ўтиб, иккита опам ва иккита акам ҳам садоқатли Шоҳидлар бўлишди.

1942 йили Карица жамоатида 15–25 ёшгача бўлган тўққизта биродару опа-сингил бор эди. Олдинда бизни кучли синовлар кутаётганини барчамиз билардик. Шу сабабли, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш учун Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, қўшиқлар куйлаш ва ибодат қилишга имкон бўлган жойда йиғилиб турардик. Натижада, имонимиз мустаҳкам бўлди.

Димитриус ва унинг дўстлари Карицада

ФУҚАРОЛАР УРУШИ

Иккинчи жаҳон уруши ўз поёнига етаётганида, Грециядаги коммунистлар ҳукуматга қарши қўзғолон кўтариб, шафқатсиз фуқаролар урушини келтириб чиқаришди. Коммунист партизанлар қишлоқлар бўйлаб кезиб, одамларни ўз сафига қўшилишга мажбурлашарди. Қишлоғимизга бостириб келишганида эса, учта ёш Шоҳидни: Антонио Сюкарис, Илиас ва мени ўғирлаб кетишди. Биз, масиҳийлар, сиёсатга нисбатан бетараф эканимизни айтсак ҳам, улар бизни қишлоғимиздан Олимп тоғигача чамаси 12 соат пиёда боришга мажбурлашди.

Кўп ўтмай, бир коммунист офицер бизга партизанларнинг қўпорувчи гуруҳига қўшилишни буюрди. Масиҳийлар ўз яқинига қарши қурол кўтармаслигини айтганимизда, жаҳли чиққан офицер бизни генерал олдига судраб борди. Генералга ҳам эътиқодимизни тушунтирганимизда, у бизга: «Унда хачирни олиб, яраланганларни жанг майдонидан касалхонага олиб боринглар»,— деди.

Шунда генералдан: «Ҳукумат аскарлари бизни ушлаб олишса-чи? Улар биз ҳақимизда душман аскарлар, деб ўйлашмайдими?» — дея сўрадик. Кейин у шундай деди: «Бўлмаса, фронтга нон етказиб туринглар». Лекин биз жавобан: «Офицер хачир билан кетаётганимизни кўриб, фронтга қуролларни олиб боришни буюрса-чи?» — дедик. Генерал узоқ ўйга чўмди. Охири бақириб шундай айтди: «Ҳеч бўлмаса қўйларни боқа оларсизлар!? Тоғда қолиб, подаларга қаранглар».

Шунда учаламиз атрофимизда фуқаролар уруши авж олган бир пайтда виждонимиз қўйларни боқишга йўл қўяди, деган хулосага келдик. Бир йил ўтиб, оилада катта фарзанд бўлган Илиасга бева қолган ойимизга ғамхўрлик қилиш учун уйга қайтишга рухсат беришди. Антонио касал бўлиб қолгани учун озод этилди. Мен эса ҳалиям эркинликка чиқмагандим.

Шу аснода Греция армияси коммунистларга тўхтовсиз яқинлашиб келаётганди. Мени асир қилган гуруҳ тоғлар оша қўшни давлат Албанияга қочди. Чегарага яқинлашганимизда эса, бирдан Греция аскарлари бизни қуршаб олганини пайқадик. Қўзғолончилар ваҳимага тушиб, қочиб кетишди. Мен қулаган дарахт ортида яшириндим ва шу йўсин юқорида тилга олинган аскарлар билан тўқнашиб қолдим.

Греция аскарларига коммунистлар мени асир қилиб ушлаб туришганини айтганимда, улар мени Муқаддас Китобда тилга олинган қадимий шаҳар Верия яқинидаги ҳарбий лагерга олиб кетишди. У ерда менга аскарлар учун хандақлар қазиш буюрилганди. Бундан бош тортганимда, командир мени Макронисос оролидаги даҳшатли концлагерга сургун қилишга буйруқ берди.

ДАҲШАТ ОРОЛИ

Шамоллардан ҳимояланмаган, сувсиз, жазирама қуёш нурлари тушиб турадиган Макронисос номли қояли орол Афинадан қарийб 50 километр нарида, Аттика қирғоғининг ёнида, жойлашган. Оролнинг узунлиги атиги 13 километр, эни эса энг кенг жойида 500 метрни ташкил этади. Шунга қарамай, бу орол 1947–1958 йилгача 100 000 дан зиёд маҳбусларни, жумладан, фаол коммунист бўлган ва коммунист бўлишда гумон қилинган шахсларни, собиқ қаршилик курашчиларини ва Яҳованинг талайгина садоқатли Шоҳидларини сиғдирган.

Мен у ерга 1949 йилнинг бошида борганимда, маҳбуслар бир нечта лагерларга бўлинишганди. Мени ва бир неча юз кишини умумий режимдаги лагерга жойлаштиришганди. Тахминан 40 тамиз 10 та одам учун мўлжалланган брезентдан тикилган палаткада, ерда ухлардик. Биз ифлос сув ичардик ва, асосан, ясмиқ ҳамда бақлажонлар билан овқатланардик. Доимий чанг ва шамол бизни ҳолдан тойдирарди. Лекин яхшиямки, тошларни тинимсиз у ёқдан бу ёққа ташимасдик. Бу қора қийноқ кўплаб бахтсиз маҳбусларнинг баданию онгини шикастлаганди.

Сургун қилинган бошқа Шоҳидлар билан бирга Макронисос оролида

Бир куни қирғоқ бўйлаб кетаётганимда, бошқа лагерлардан бўлган бир нечта Шоҳидни учратиб қолдим. Ўшанда бирга бўлганимиздан жудаям хурсанд эдик. Бизни кўриб қолмасликлари учун, имкон туғилганда яширинча учрашиб турардик. Биз, шунингдек, эҳтиёткорлик билан бошқа маҳбусларга ваъз қилардик. Кейинчалик улардан баъзилари Яҳованинг Шоҳиди бўлишди. Ўша ҳаракатларимиз ва самимий ибодатларимиз бизга маънан мустаҳкам қолишга ёрдам берди.

ОЛОВ ИСКАНЖАСИДА

10 ойлик қайтадан тарбиялаш жараёни тугаганида, мени асирликка олганлар ҳарбий форма кийишимга вақт келганини айтишди. Форма кийишни рад этганимда, улар мени лагерь бошлиғи олдига судраб боришди. Унга: «Мен фақат Масиҳнинг аскари бўлмоқчиман»,— деб, бетарафлигимни кўрсатувчи аризани узатдим. Шунда мени қўрқитгандан сўнг, у ўзининг ўринбосари — диний нишонларни тақиб олган юнон православ черковининг архиепископи қўлига топширди. Унинг саволларига Ёзувлар асосида жасорат ила жавоб берганимда, у ғазабланиб: «Уни кўзимдан йўқотинглар. У фанатик!» — дея бақирди.

Эртасига аскарлар менга яна ҳарбий форма кийишни буюришди. Бош тортганимда эса, мени мушт ва таёқ билан уришди. Шунда суякларим синмаганига амин бўлиш учун, улар мени лагерь қошидаги касалхонага ва қайтадан палаткамга судраб боришди. Бу аҳвол икки ой давом этди.

Эътиқодимга қарши йўл тутмаслигимни кўрган ва ҳафсаласи пир бўлган аскарлар охири янги усулни қўллаб кўришди. Аскарлар қўлларимни орқамга боғлаб, оёқларим кафтини ингичка арқон билан аёвсиз савалашди. Қаттиқ оғриқ ичра Исонинг қуйидаги сўзларини эсладим: «Одамлар сизларни ҳақоратлаб, қувғин қилишса... бахтлисизлар. Шод-хуррам бўлинглар, зеро осмондаги мукофотингиз буюкдир. Ахир сизлардан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қувғин қилинишган-ку». (Матто 5:11, 12) Адоғи йўқдай туюлган қийноқдан ҳушимдан кетдим.

Ўзимга келганимда совуқ камерада эдим. У ерда на нон, на сув, на кўрпа бор эди. Шундай бўлса ҳам, босиқлик ва хотиржамликни сақладим. Ўшанда «Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни... ҳимоя қилади» деган Муқаддас Китобдаги сўзларни ўзимда ҳис этдим. (Филип. 4:7) Кейинги кун меҳрибон бир аскар менга нон, сув ва устки кийим берди. Бошқа аскар эса ўз овқати билан бўлишди. Шу йўсин, мен бу ва бошқа тарафлама Яҳованинг меҳр ила кўрсатган ғамхўрлигини сездим.

Ўша ердаги ходимлар мени тузатиб бўлмайдиган қўзғолончи деб ҳисоблаб, Афинадаги ҳарбий судга олиб боришди. У ерда мени уч йил муддатга Макронисоснинг шарқидан 50 километр узоқликда жойлашган Ярос оролидаги қамоққа ўтказишди.

«СИЗЛАРГА ИШОНСА БЎЛАДИ»

Яросдаги қамоқхона 5 000дан зиёд маҳбуслари бор қизил ғиштли катта бино эди. У ерда, шунингдек, бетарафлиги учун ҳибсга олинган жами еттита Яҳованинг Шоҳиди сақланарди. Қатъиян ман этилган бўлса ҳам, еттитамиз Муқаддас Китобни ўрганиш учун пинҳона равишда йиғилардик. Бизга ҳатто «Қўриқчи минораси» журналининг нусхаларини яширинча йўл билан мунтазам олиб келишарди. Тадқиқларда фойдаланиш учун журналлардан қўлда нусха кўчирардик.

Бир куни бекиниб тадқиқ қилаётганимизда, қўққисдан қамоқхона назоратчиси келиб, адабиётларимизни мусодара қилди. Ўшанда бизни қамоқхона бошлиғи ўринбосарининг ҳузурига олиб боришганида, жазо муддати узайтирилишига мутлақ амин эдик. Аммо у шундай деди: «Биз қандай одамлар эканингизни биламиз ва эътиқодингизни ҳурмат қиламиз. Сизларга ишонса бўлади. Ишларингизга қайтинглар». У ҳатто баъзиларимизга осонроқ вазифалар берди. Қалбларимиз Яҳовага нисбатан миннатдорчиликка тўла эди. Ҳа, бетарафлик туфайли ҳатто қамоқда Яҳовага шараф келтирса бўлади!

Бизнинг қатъийлигимиз яна бошқа ажойиб натижалар келтирди. Масалан, математика фанидан профессор бўлган бир маҳбус яхши хулқ-атворимизни яқиндан кузатиб, эътиқодларимиз борасида саволлар беришни бошлади. Биз, Шоҳидлар, 1951 йилнинг бошида озод этилганимизда, у ҳам эркинликка чиққанди. Вақт ўтиб, ўша профессор сувга чўмди ва тўла вақтли хизматни бошлади.

ҲАЛИ-ҲАНУЗ АСКАРМАН

Хотиним Жанет билан

Мен эса озод бўлганимдан кейин Карицага, оиламга қайтдим. Кейинчалик кўплаб юртдошларим билан бирга Австралиянинг Мельбурн шаҳрига кўчиб ўтдим. У ерда мен ажойиб имондошимиз Жанетни учратдим ва у билан турмуш қурдим. Икковимиз бир ўғил ва учта қизни Худонинг йўлида тарбияладик.

Мана, бугунга келиб, ёшим 90 дан ошган бўлса ҳам, ҳалигача оқсоқол бўлиб, хизматда фаол иштирок этяпман. Ўтмишда орттирган жароҳатларим туфайли танам ва оёқларим вақти-вақти билан оғриб туради. Бу айниқса ваъзгўйлик хизматидан кейин сезилади. Аммо шунга қарамасдан, «Исо Масиҳнинг... аскари» бўлиш қарорим ҳар қачонгидан ҳам қатъийдир. (2 Тим. 2:3)