Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ҚАЙҒУНИ ЕНГА ОЛАСИЗ

Ғам-қайғуни енгиш — Нима қилсангиз бўлади?

Ғам-қайғуни енгиш — Нима қилсангиз бўлади?

Агар ғам-қайғуни енгиш учун маслаҳат изласангиз, миллиардлаб маслаҳатлар топасиз. Улардан айримлари бошқаларига қараганда фойдалироқ. Эҳтимол, бунинг сабаби ўтган мақолада айтилганидай одамлар айрилиқни турлича бошдан кечиришидадир. Бир инсонга ёрдам берган маслаҳат бошқасига ёрдам бермаслиги мумкин.

Шундай бўлса-да, кўпчиликка фойда келтирган амалий маслаҳатлар бор. Бу маслаҳатларни мутахассислар тез-тез келтиришади ва улар донолик манбаи бўлган қадимий китоб — Муқаддас Китобдаги принципларга ҳамоҳанг.

1. ОИЛАНГИЗ ВА ДЎСТЛАРИНГИЗ ЁРДАМИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГ

  • Айрим мутахассислар қайғуни енгишда бу омилни энг муҳим деб ҳисоблашади. Тўғри, баъзан ёлғиз қолишни истарсиз. Ҳатто сизга ёрдам бермоқчи бўлган одамлар ғашингизни келтириши мумкин. Бу табиий.

  • Ҳамиша одамлар орасида бўлишим керак деб ўйламанг, лекин шу билан бирга уларни ўзингиздан итарманг. Чунки келажакда уларнинг ёрдамига муҳтож бўлишингиз мумкин. Мулойимлик билан бошқаларга айни пайтда сизга нима керак эканини ва нима керак эмаслигини айтинг.

  • Эҳтиёжларингиздан келиб чиқиб, бошқа одамлар билан вақт ўтказиш ҳамда ёлғиз қолиш борасида мувозанатли бўлинг.

ПРИНЦИП: «Ёлғиз бўлгандан кўра икки киши бўлган яхшироқ... Улардан бири йиқилса, шериги туришга ёрдамлашади». (Воиз 4:9, 10)

2. ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИНГ ВА МАШҚ ҚИЛИШГА ВАҚТ АЖРАТИНГ

  • Тўғри овқатланиш ғам-қайғу оқибатида келиб чиқадиган стресс билан курашишга ёрдам беради. Турли мевалар, сабзавотлар ва ёғсиз оқсилларни истеъмол қилишга интилинг.

  • Етарлича сув ва бошқа фойдали ичимликларни ичинг.

  • Борди-ю, иштаҳангиз йўқ бўлса, оз-оздан тез-тез овқатланинг. Бундан ташқари, шифокорингиздан биологик фаол қўшимчалар ҳақида сўрашингиз мумкин *.

  • Тез юриш ва жисмоний машқнинг бошқа турлари салбий ҳис-туйғуларни камайтиришга ҳисса қўшади. Шунингдек, машқ қилиш баъзиларга жудолик ҳақида ўйлаб олишга вақт беради. Бошқаларга эса оз муддатга бўлса-да, бу ҳақидаги фикрлардан чалғишга ёрдам беради.

ПРИНЦИП: «Ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди». (Эфесликларга 5:29)

3. ТЎЙИБ УХЛАНГ

  • Уйқу доим муҳим аҳамиятга эга, айниқса, изтироб чекаётганлар бунга муҳтож. Сабаби улар одатдагидан кўра кўпроқ чарчаб қолишади.

  • Кофеинни ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки бу нарсалар уйқуга салбий таъсир қилиши мумкин.

ПРИНЦИП: «Бир ҳовуч ором, икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан яхшироқдир». (Воиз 4:6)

4. МОСЛАШУВЧАН БЎЛИНГ

  • Ҳар бир инсон қайғуни турлича бошдан кечиришини ёдда тутинг. Сизга нима яхшироқ ёрдам бериши мумкинлигини аниқланг.

  • Кўпчилик ғам-қайғусини енгишда кимдир билан бўлишиш ёрдам беришини айтса, бошқалар эса бундай йўл тутишни маъқулламайди. Мутахассислар қайғуни бошқалар билан бўлишиш уни муваффақият ила енгишда ёрдам бериш-бермаслиги борасида турлича фикр билдиришади. Агар бирон кимга қалбингизни очмоқчи бўлсангиз-у, аммо уялсангиз, яқин дўстингизга ўз ҳис-туйғуларингизни оз-оздан айтиб беришдан бошласангиз бўлади.

  • Айрим одамлар йиғлаб анча енгил тортса, бошқалар унча кўп йиғламаса ҳам қайғуни енгиши мумкин.

ПРИНЦИП: «Юрак ўз дардини ўзи билади». (Ҳикматлар 14:10)

5. ЗАРАРЛИ ОДАТЛАРДАН ҚОЧИНГ

  • Яқинидан жудо бўлган баъзи кишилар дардини енгиллаштириш учун спиртли ичимликлар ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишади. Бундай ечим сизни хароб қилади. Қолаверса, бу қисқа вақтга енгиллик беради, лекин кўпгина салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай экан, ташвишингизни енгишнинг безарар йўлини изланг.

ПРИНЦИП: «Келинглар, тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклайлик». (2 Коринфликларга 7:1)

6. ВАҚТИНГИЗНИ ТЎҒРИ САРФЛАНГ

  • Кўпчилик ҳадеб ўз дардини ўйламасликка бирон иш билан машғул бўлиш ёрдам беришини сезган.

  • Бирон ким билан дўстлашиш, дўстликни мустаҳкамлаш, янги нарсаларни ўрганиш ёки дам олиш сизга вақтинчалик бўлса-да енгиллик келтириши мумкин.

  • Вақт ўтиб мувозанатли бўлиб борасиз. Борган сари камроқ қайғу чекаётганингизни пайқайсиз ва бу тикланишнинг табиий жараёнидир.

ПРИНЦИП: «Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор... Йиғлашнинг ҳам, кулишнинг ҳам ўз вақти бор, қайғуришнинг ҳам, рақсга тушишнинг ҳам ўз вақти бор». (Воиз 3:1, 4)

7. ЖАДВАЛГА АМАЛ ҚИЛИНГ

  • Иложи борича тезроқ одатий ҳаёт тарзингизга қайтинг.

  • Агар ухлаш, ишлаш ва бошқа машғулотларни жадвал бўйича қилсангиз, одатий ҳаёт тарзингизга тезроқ қайтасиз.

  • Ижобий машғулотлар билан банд бўлиш оғриқли туйғуларни енгиллаштиришга ёрдам беради.

ПРИНЦИП: «Ҳақ Тангри унинг қалбини доим шодликка тўлдиргани боис, қисқа умридаги қийинчиликларни эсга олмайди». (Воиз 5:20)

8. ЖИДДИЙ ҚАРОРЛАРНИ ЧИҚАРИШГА ШОШИЛМАНГ

  • Яқинидан жудо бўлганидан кўп ўтмай жиддий қарор чиқарган кишилар кейинчалик бундан афсусланган.

  • Иложи борича кўчиш, бошқа ишга жойлашиш ёки ўлган яқинингизнинг нарсаларидан халос бўлишга шошилманг.

ПРИНЦИП: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради, шошқалоқлар эса камбағалликка юз тутади». (Ҳикматлар 21:5)

9. ЎЛГАН ЯҚИНИНГИЗНИ ЭСЛАБ ТУРИНГ

  • Яқинидан жудо бўлган кўп кишилар у ҳақидаги хотираларни сақлашга кўмаклашадиган ишлар билан машғул бўлиш фойда келтиришини пайқашди.

  • Яқинингизни эслатиб турувчи расмлар ёки буюмларни сақлаб қўйиш, ё бўлмаса, сиз ёдда тутишни истайдиган воқеаларни бир дафтарга ёзиб қўйиш сизга тасалли бериши мумкин.

  • Сиз учун ёқимли хотираларни эслатадиган нарсаларни олиб қўйинг. Кейинроқ ҳиссан тайёр бўлганингизда уларни кўздан кечиришингиз мумкин.

ПРИНЦИП: «Ўтган кунлар... ҳақида ўйлайман». (Забур 77:5)

10. ДАМ ОЛИНГ

  • Таътил олиш ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўлади.

  • Узоқроқ таътилга чиқишни истамасангиз, эҳтимол, бир ёки икки кун таътил олиб саёҳатга чиқиш, музейга бориш ёки машинада сайр қилиш каби сизга завқ келтирадиган ишлар билан машғул бўларсиз.

  • Одатий ҳаёт тарзингизга бироз ўзгариш киритиш ҳам дардингизни анча енгиллаштиради.

ПРИНЦИП: «Келинглар, хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам оламиз». (Марк 6:31)

11. БОШҚАЛАРГА ЁРДАМ БЕРИНГ

  • Ёдда тутингки, бошқаларга ёрдам берсангиз, ўзингизни анча яхши ҳис қила оласиз.

  • Яқинингизнинг ўлимидан қайғураётган одамларга — дўстларингизга ёки қариндошларингизга ёрдам беришдан бошлашингиз мумкин.

  • Бошқаларни қўллаб-қувватлаб, далда берсангиз, қайтадан қувончга тўласиз ва ҳаётингиз мазмунли бўлади.

ПРИНЦИП: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта». (Ҳаворийлар 20:35)

12. ҲАЁТИНГИЗДА НИМА УСТУВОР ЭКАНИНИ КЎРИБ ЧИҚИНГ

  • Қайғу нималар чиндан ҳам муҳим эканини тушунишингизга кўмаклашади.

  • Вазиятдан фойдаланиб, ҳаётингизни нимага сарфламоқчи эканингизни кўриб чиқинг.

  • Зарурат бўлса керакли ўзгаришлар киритинг.

ПРИНЦИП: «Зиёфат уйига боргандан кўра, азадор уйга бориш яхшироқ, чунки ҳар бир одам ўлимга дучор бўлади. Тириклар буни ёдда тутсин». (Воиз 7:2)

Тўғри, сиз ҳис қилаётган оғриқни ҳеч нима бутунлай бартараф этмайди. Бироқ яқинидан айрилган кўп инсонлар ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, мазкур мақолада келтирилган маслаҳатлар уларга ёрдам берганини айта олади. Бу сизга ёрдам бериши мумкин бўлган маслаҳатларнинг ҳаммаси эмас. Лекин уларга амал қилишга интилсангиз, ғам-қайғуйингиз анча енгиллашганини ҳис қиласиз.

^ абз. 13 «Уйғонинг!» журнали муайян даволаниш турини олға сурмайди.